Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6648 марта ўқилди

Автомототранспорт воситасини текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси

Нотариал хизматнинг соддалаштирилган тавсифи:
Текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) автотранспорт воситасини вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу автотранспорт воситасини қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади.

  • Хизматни олиш учун зарур бўлган ҳўжжатлар рўйхати, нусхалари сони ва асл ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилган
    • 1. Фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
    • -  Ўзбекистон фуқароларининг шахси — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
    • 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (фақат вояга етмаган номидан текин фойдаланишга берилса);
    • - ҳарбий хизматчиларнинг шахси — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
    • - чет эл фуқароларининг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
    • - фуқаролиги бўлмаган шахс учун — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.
    • 2. Транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари ёки тракторлар, ўзиюрар шассилар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар йўл қурилиш машиналари учун «Ўздавтехназорат» томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома (тех.паспорт);
    • 3. Мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки ва Никоҳ ҳақидаги гувоҳномаси), барча эгаларининг розилиги;
    • 4. Мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги.
    • 5. Нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимларни васийликдаги шахс номидан Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг фақат рухсати билан тузишга ҳақли.
    • 6. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси берилган бўлса — меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома (асли).
    • 7. Битимлар давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи яқин қариндош бўлган шахслар ўртасида тузилаётган бўлса (мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-оналарига, болалари ва уларнинг эр-хотинларига, набираларига, бувиларига, буваларига, ака-укалари ва опа-сингилларига), уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.
    • 8. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда, ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома).
    • 9. Автомототранспорт воситасини қабул қилиш-топшириш даллоатномаси.

Нотариал ҳаракатни иштирокчилари:

  • Ссуда берувчи тарафдан:
  1. Мулкдор/ёки/Мулкдор ва унинг қонуний вакили/ёки/Ишочнома орқали Мулкдорнинг номидан ҳаракат қилувчи вакили.
  2. Муомалага лаёқатсиз/муомала лаёқати чекланган/вояга етмаган шахслар битим иштироқчилари бўлса Васийлик ва ҳомийлик органларининг ходими. (зарур ҳолларда)
  • Ссуда олувчи томонидан:
  1. Судда олувчи шахс/ёки/ Судда олувчи шахс ва унинг қонуний вакили/ёки/Ишочнома орқали Судда олувчи шахснинг номидан ҳаракат қилувчи вакили.
  2. Муомалага лаёқатсиз/муомала лаёқати чекланган шахслар битим иштироқчилари бўлса Васийлик ва ҳомийлик органларининг ходими. (зарур ҳолларда)

Изоҳ: Зарур бўлса, шартномада таржимон иштирок этиши мумкин.

Хизматни олиш муддати: 60 дақиқагача

Хизматни олишнинг якуний натижаси: Авто- мото- транспорт воситасини текин фойдаланиш шартномаси
  

Бошқа шартлар ва талаблар:

Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида» Қонуннинг  37-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни васий ёки ҳомий амалга оширганида васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатлари. Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан: «Васийликдаги шахснинг мол-мулкини бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга гаровга ёки ижарага беришга хақли». ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон  “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида” Қарори: 18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос ёки ҳадя (мукофот) қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 618-модда. Ссуда берувчи Ашёни текин фойдаланишга бериш ҳуқуқига унинг мулкдори ва қонун ёки мулкдор томонидан ваколат берилган бошқа шахслар эга бўлади. Тижорат ташкилоти ўз муассиси, иштирокчиси (акциядори), раҳбари, ўз бошқарув ёки назорат органларининг аъзоси бўлган шахсга ашёни текин фойдаланишга беришга ҳақли эмас.

Норматив ҳужжатлар

  1. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси.
  2. Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида» Қонуни.
  3. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат Божи Тўғрисида» Қонуни.
  4. Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида» Қонуни.
  5. 2006 йил 7 мартдаги 38-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Қарори.
  6. 2017 йил 31 августдаги 683-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» Қарори.
  7. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 4 январдаги 2-мҳ-сон  «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» Буйруғи.
  8. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 29 майдаги 112-мҳ-сон  «Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида» Буйруғига илова.
Chat