Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6273 марта ўқилди

“2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6181-сон, 04.03.2021 й.) қабул қилинди.

Фармон билан белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. 

Мақсадли кўрсаткичлар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутади: 

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратиш;
  • мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилда – 50 тага етказиш;
  • содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларни нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш;
  • 2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

2021 йил 1 апрелдан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади.

Мазкур очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш адлия органларига юклатилади.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилади.

Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан “Шаффоф хайрия” ягона интерактив портали ишга туширилади. 

Chat