Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3585 марта ўқилди

Ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни улар ўқув-тарбия муассасасида, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлиш муддати тугашидан 1 йил аввал уй-жойга муҳтожлар сифатида «онлайн-навбат» ахборот тизимига киритади.

Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муддатидан аввал ҳам «онлайн-навбат» ахборот тизимига киритилиши мумкин.

Етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола қуйидаги ҳолатларда «онлайн-навбат» ахборот тизимидан чиқарилади:

  • уй-жой берилганда;
  • ҳужжатларда ҳисобга қўйишга асос бўлган маълумотларнинг ҳақиқатга мос келмаслиги аниқланганда.

Ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:
  • битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш;
  • икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар мустасно);
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун алоҳида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва бу ерда уларнинг барчасини жойлаштириш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш).

Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ордер беради, ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.

Ордерлар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга «онлайн-навбат» ахборот тизимига кўра қатъий кетма-кетлик асосида берилади.

Ордер берилган кундан 10 кундан кечикмай етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага, ўрнатилган тартибда, ордерда кўрсатилган уй-жой нотариал расмийлаштириб берилади.

Chat