Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5063 марта ўқилди

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.

Иш берувчилар ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгандан кейин субсидия олиш учун тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади. 

  1. Маҳаллий меҳнат органи иш берувчи томонидан субсидия олишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади. Бунда ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан  рўйхатдан ўтказилганлиги ва ушбу шахс «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида рўйхатда турганлиги субсидия бериш учун асос ҳисобланади.
  2. Иш берувчи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган, барча зарур маълумотлар кўрсатилган ва ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказилганлиги тасдиқланган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи иш берувчига ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилганлиги учун субсидия бериш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиради. Буйруқда субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши лозим.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаганлиги ёхуд «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида рўйхатда турмаганлиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этади ва мурожаатчига рад этишнинг сабаблари асосланган хабарномани юборади.

Иш берувчи маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги буйруғидан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.
Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан иш берувчига ногиронлиги бўлган ҳар бир шахсни ишга қабул қилганлиги учун 6 ой давомида ишланган ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.

  1. Бунда «ЯММТ» ИДАКда ногиронлиги бўлган шахс ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси амалда эканлиги тўғрисидаги маълумотга асосан ҳар бир ой учун кейинги ойда белгиланган субсидия суммаси тўлаб берилади.
  2. Агар «ЯММТ» ИДАКдан ногиронлиги бўлган шахс ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида маълумот олинса, ушбу маълумот олинган вақтдан бошлаб иш берувчига субсидия тўлаб бериш тўхтатилади.
Chat