Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4637 марта ўқилди

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.

Ушбу мактабларни ташкил этиш тегишли ҳудудда охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланиши керак.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар сони 250 нафардан ошмаслиги керак.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига болалар 7 ёшга тўладиган йилда, тайёрлов гуруҳларига 6 ёшдан қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари турлари

I — кар (эшитмайдиган) болалар учун мактаб-интернатлар;
II — заиф эшитадиган ва кейинчалик кар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар (1, 2-бўлим);
III — кўзи ожиз (кўр) болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
IV — заиф кўрадиган ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
V — нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
VI — таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
VII — психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
VIII — ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади
  • ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;
  • психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаcи;
  • таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);
  • ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);
  • боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:
  • педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;
  • психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;
  • оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун — сўзлашув нутқи ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, аудиограмма маълумотлари);
  • офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун батафсил ташхиси);
  • ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун).

Қабул қилинмайдиган болалар тоифалари
  • ақли ўта заиф болалар (имбицил, идиотия даражасидаги олигофрения);
  • хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;
  • таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;
  • кўр-кар-соқов болалар;
  • тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;
  • марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Chat