Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4733 марта ўқилди

Меросдан мажбурий улуш олиш тўғрисидаги гувоҳнома

Нотариал хизматнинг соддалаштирилган тавсифи:

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Хизматни олиш учун зарур бўлган ҳўжжатлар рўйхати, нусхалари сони ва асл ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилган:
  1. Фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
    • Ўзбекистон фуқароларининг шахси — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
    • 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
    • ҳарбий хизматчиларнинг шахси — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
    • чет эл фуқароларининг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
    • фуқаролиги бўлмаган шахс учун — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.
  2. Мерос қолдирувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма;
  3. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш (доимий прописка қилинган) жойи ҳақидаги ички ишлар органларининг маълумотномаси ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма ёхуд уй дафтаридан кўчирма;
  4. Мерос таркибининг мерос қолдирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  5. Меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.О. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати;
  6. Мерос қолдирувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси (ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома) ёки далолатнома ёзувидан кўчирма.
  7. Меросни қабул қилиш учун ишочнома (агар меросхўрнинг ўзи мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани олишда иштирок этаолмаса).
  8. Меҳнатга қобилиятсиз шахсларга қуйидагилар киради:
    • мерос очилган кунга келиб 55 ёшга кирган аёллар, 60 ёшга кирган эркаклар;
    • мерос очилган кунга келиб белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар.
  9. Бошқа ҳужжатлар (зарур бўлса).

Нотариал ҳаракатни иштирокчилари:

 

Меросдан мажбурий улуш олиш тўғрисидаги гувоҳнома куйидаги меросхўрларга берилади:

  • Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари;
  • Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар.

Мерохўрлар Муомалага лаёқатсиз/муомала лаёқати чекланган/вояга етмаган бўлган ҳолларда, уларнинг қонуний вакиллари уларнинг номидан ва (ёки) уларнинг ҳузурида ҳаракат қилишади.

Хизматни олиш муддати: 

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Chat