Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13183 марта ўқилди

Савол: Н. исмли шахс Қирғизистонда туғилганлиги, 1994 йил сентябрь ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Андижон вилоятида доимий рўйхатдан ўтиб, яшаб келаётгани, шу кунга қадар фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида юрганлиги ҳақида маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақомига эга бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: 2005 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет эл фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади.

Чунки, 2005 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилиши бошланган. Шунга қадар келиб доимий пропискага ўтган шахсларга фуқароликни тан олиш принципи ишлаб чиқилди ва улар тўғридан-тўғри бориб ички ишлар идораларидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортларини олиши мумкин бўлади.

Савол: Х. исмли шахс Тожикистон Республикасида туғилганлиги,  2000 йил май ойидан буён фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси асосида Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётгани, 2017 йилда 10 ой давомида Россия Федерациясида ишлаб келгани, яқинда у Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилганида, унга мурожаат қилинган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келмаганлиги асос қилинган ҳолда, фуқароликни бериш рад қилингани ҳақида маълум қилиб, Ўзбекистон Республикасида узлуксиз яшаш деганда нима тушунилиши юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилинади.

Бунда, агар фуқаролиги бўлмаган шахс бир йил ичида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жами 183 кундан ортиқ бўлмаган муддатга чиққан бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшалган муддат узлуксиз деб ҳисобланади.

Савол: Фуқаро Ж. сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизмати мобайнида ҳарбий мол-мулкга шикаст етказганлигини билдириб, фуқаролик бурчи бўлган ҳарбий хизмат қилаётганлиги сабабли шикастланган мол-мулк давлат томонидан қоплаб бериладими деб сўраган?

Ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар ўз айби билан ҳарбий мол-мулкни талон-торож қилган, камомадга йўл қўйган, беҳуда сарфлаган, йўқотган, қасддан йўқ қилган, шикастлаган, ишдан чиқарган, қонунга хилоф равишда сарфлаган ҳолларда етказилган зарар учун ёки қасддан содир этилган бошқа хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли етказилган зарар учун, уларда жиноят қонунчилигида назарда тутилган жиноят таркиби аломатлари борлигидан қатъи назар, моддий жавобгар бўлади.

Савол: Л. исмли шахс диний таълимотига кўра бош кийимсиз суратга тушишни оғир гуноҳ деб билиши, яқинда паспорт олмоқчи бўлганида бош кийим билан суратга тушиш мумкин эмаслигини баён қилишгани ҳақида маълум қилиб, агар паспорт олиш жараёнида бош кийимсиз суратга тушишдан бош тортса, қандай ҳуқуқий оқибатлар юзага келиши мумкинлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга кўра, агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти унга паспорт расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Савол: З. исмли шахс ота-онаси турли миллатга мансуб эканлиги ҳақида маълум қилиб, паспорт олаётганда уларнинг қайси бирининг миллати паспортга ёзилиши мумкинлиги, паспорт олинганидан кейин ундаги миллат ҳақидаги ёзув қандай тартибда ўзгартирилиши мумкинлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Паспортдаги миллати ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-оналар турли миллатга мансуб бўлишса, биринчи марта паспорт берилаётганда паспорт эгасининг хоҳишига қараб отасининг ёки онасининг миллати ёзилади. Кейинчалик, фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллати ҳақидаги ёзув фақат бир марта отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.

Chat