Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби белгиланди

  • 02.06.2023
  • 459 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (226-сон, 01.06.2023 й.) билан Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

Низомга мувофиқ, адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган жой бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан 10 йилга берилади.

Талабгор адвокатлик тузилмасига қабул қилингандан сўнг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун аризани “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали электрон шаклда адлия органига юборади.

Адвокатлик гувоҳномасини бериш учун тўлов ундирилмайди.

Ариза юборилгандан сўнг 2 иш кунида адвокатлик гувоҳномаси берилади.

Адвокатлик гувоҳномаси тайёр бўлиши билан талабгорга ахборот тизими орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.

Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

  • талабгор адвокатлик тузилмасини ташкил этмаган ёки мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига қабул қилинмаган бўлса;
  • талабгор адвокат қасамёдини қабул қилмаган бўлса.

Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-кодни сканерлаш имкони бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келганда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код) тасвирини яроқсиз ҳолатга келишининг олдини олиш имкони берадиган технологияда тайёрланиши таъминланади.

Адвокатлик гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:

  • адвокатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилгандан сўнг;
  • адвокат бошқа адлия органи жойлашган ҳудудда рўйхатдан ўтган адвокатлик тузилмасига кирганда;
  • адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
  • адвокатлик гувоҳномаси йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.
Chat