Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ипак қурти уруғини тайёрловчи 7 та янги уруғчилик корхонаси ташкил этилди

  • 06.06.2023
  • 480 марта ўқилди

Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–85-сон, 01.06.2023 й.) қабул қилинди 

Фармонга кўра, 2023 йил июндан ҳудудларда:

  • ипак қуртини парваришлаш, етиштирилган пиллани харид қилиш, қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, тайёр маҳсулотни ички бозорга йўналтириш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган янги пиллачилик кластерлари;
  • тут кўчатларини етиштириш, тутзорларни барпо қилиш, ипак қуртини парваришлаш, пилла хомашёсини тайёрлаш билан шуғулланадиган пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги янги фермер хўжаликлари ташкил этилади.

Янги тутзорлар барпо қилиш учун 105 минг гектар ер майдонлари уларнинг контурларини аниқ белгилаган ҳолда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Янги тутзорлар барпо қилиш учун ер участкалари 10 гектардан кам бўлмаган ўлчамда пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, истисно тариқасида, ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

Фармонга кўра, ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган ва аҳолига оилавий пудрат шартномаси асосида бириктириладиган тутзорлар майдони 0,5 гектардан 2 гектаргача этиб белгиланди. 

2023 йил 1 июндан:

  • касаначилар, пиллачилик уй хўжаликлари ҳамда фермер хўжаликларига ипак қурти уруғи ва уни парвариш билан боғлиқ ресурслар бепул берилади;
  • майдони 10 гектар ва ундан зиёд гектардаги тутзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциясини қуришга ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилади.

Фармон билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ҳудудларда ипак қурти уруғини тайёрловчи янги уруғчилик корхоналари (7 та) ташкил этилди. 

Шунингдек, 2023 йил якунигача Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида ипак қуртининг маҳаллий зотлардан олинган элита уруғини тайёрлаш наслли уруғчилик станцияси фаолияти йўлга қўйилади. 

Chat