Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади

  • 09.06.2023
  • 581 марта ўқилди

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–174-сон, 31.05.2023 й.) қабул қилинди

Хабарингиз бор, Президент фармони билан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилди. 

Университет давлат ОТМ ҳисобланиб, фаолияти “Hub and Spoke” тамойили асосида йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассислар, олим, тадқиқотчи, раҳбар ва тадбиркорларни тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. 

Университетда таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, ўқув жараёни:

  • кредит-модул тизими асосида амалга оширилади;
  • ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Етакчи, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқа) сертификатларига эга абитуриентлар тегишли фанлардан энг юқори балл олади ва ушбу фанлардан имтиҳондан озод қилинади.

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.

2023 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.

Бунда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик тўлов-контракт суммаси қопланган ҳолда, ҳар ойда БҲМнинг 3 бараварида (990 минг сўм), давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга ҳар ойда БҲМнинг 6 бараварида (1 млн 980 минг сўм) стипендиялар тайинланади.

Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин – мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.

Chat