Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳамширалар академияси ташкил этилади

  • 21.06.2023
  • 910 марта ўқилди

Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ–197-сон, 20.06.2023 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи такомиллаштирилган тизими жорий этилади:

  • туман (шаҳар) даражасида амбулатор ва стационар шароитда аҳолининг энг кўп мурожаатларига сабаб бўлаётган касалликлар ва ҳолатларни инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати шакллантирилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари шифокорлари тегишли ҳудудда энг кўп тарқалган касалликлар ва ҳолатлар бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилади.

2024 йилдан йиллик тиббий кўриклар доирасида нуронийларни мақсадли скринингдан ўтказиш дастурлари жорий этилади.

2023/2024 ўқув йилидан қуйидагилар ташкил этилади:

  • Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси;
  • тиббиёт коллежлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари;

Шунингдек, қуйидагилар жорий этилади:

  • тиббиёт ОТМда ўқиш муддати 4 йилликолий малакали ҳамшира” бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш;
  • техникумларнинг таклифлари асосида қабул параметрлари ҳамда қўшимча равишда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби;
  • тиббиёт йўналишидаги давлат ОТМ талабаларининг билимларини 2 босқичли (фундаментал ва клиник-амалий кўникмалар) баҳолаш ва уларнинг малакасини тасдиқлаш миллий тизими;
  • тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга қаратилган узлуксиз касбий таълим портали.

Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига малака ошириш курсларини жорий этиш ҳуқуқи берилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини ошириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.

2023 йил якунигача:

  • барча нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус ахборот тизимига уланади;
  • нодавлат тиббиёт ташкилотининг ходимлари, тиббий техникаси, хизмат турлари, тиббий статистика ва бошқа ҳисоботлари мониторинги юритилади;
  • тиббий фаолиятни назорат қилишда “хавфни таҳлил қилиш” тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, қуйидагилар ташкил этилади:

  • Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази; 
  • Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази;
  • Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази.
Chat