Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Экологик аудиторга малака сертификати бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилади

  • 22.08.2023
  • 794 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (402-сон, 19.08.2023 й.) билан Экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. 

Қарорга мувофиқ, экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ташкил этиш, сертификатни бериш, экологик аудиторлар ва экологик аудиторлик ташкилотларининг реестрлари юритиш бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ваколатли орган ҳисобланади.

Маъмурий регламентга кўра, малака сертификатини бериш бўйича хизматлар давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Бунинг учун талабгор:

  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид (биолог, геолог, гидролог муҳандис, ер геодезия ва картографияси муҳандиси, шунингдек, сув, атмосфера, ер ва ер ости бойликлари муҳофазаси мутахассисликлари) олий маълумотли;
  • соҳада ёки турдош соҳаларда кетма-кет камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак.

Ваколатли орган мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Малака имтиҳони камида 3 нафар талабгордан иборат гуруҳнинг шаклланишига кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Имтиҳон тест кўринишида олинади (жами 50 та назарий савол).

Имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахсга экологик аудитор малака сертификати берилиб, сертификат 5 йил муддатга амал қилади.

Талабгорнинг мурожаатини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун БҲМнинг 1 баравари (330 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Регламентга кўра шунингдек, экологик аудиторлар ҳар икки йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт.
 

Chat