Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТга Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ташриф буюрди

  • 29.08.2023
  • 581 марта ўқилди

Жорий йилнинг 29 август куни “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Тимоти Смарт (Timothy Smart) ташриф буюрди.

Ташриф давомида элчи “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов билан учрашиб, ташкилот фаолияти билан яқиндан танишди.   

Ўз навбатида, Т.Турсунов меҳмонни ташрифи билан самимий қутлаб, 2019 йилда аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Мадад” ННТ ва унинг туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилиб, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиб келинаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, Т.Турсунов, ўтган давр мобайнида “Мадад” ННТнинг республика бўйича 73 та туман (шаҳар)ларда фаолият кўрсатаётган ҳудудий бюролари томонидан 530 000 мингдан ортиқ аҳолининг мурожаатлари бўйича уларга бевосита бепул юридик ёрдам кўрсатилганлиги, қолаверса, ташкилотнинг расмий веб-сайти ҳисобланган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали 220 000 мингдан ортиқ фуқаролар онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлганлигини қайд этди.

Шу ўринда, Т.Турсунов меҳмонга “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталидаги мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.

Жумладан, порталда ҳуқуқнинг барча соҳалари бўйича 35 та бўлимлар мавжудлиги,  2 000 мингдан ортиқ ҳуқуқий ахборот  ва маълумотлар билан бойитилганлиги, мунтазам равишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириб борилиши ҳамда модернизация қилиниши натижасида ундан фойдаланувчилар сони 4 000 000 дан ошганлигини маълум қилди.        

Учрашувда ташкилотнинг давлат органлари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, давлат ижтимоий буюртмаси ва грант маблағларини жалб қилиш, офлайн ва онлайн мурожаатлар билан ишлаш тартиб-таомиллари, ходимлар фаолияти натижадорлигини баҳолаш мезонлари каби масалалар муҳокама қилинди.   

Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли масалалар, шу жумладан:

  • фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида ходимларнинг касб маҳорати ва кўникмасини ошириш;
  • аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини таҳлил қилган ҳолда амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш; 
  • аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишнинг инновацион усуллари, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини ўрганиш ва фаолиятга татбиқ этиш;
  • аҳолини бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан яқиндан хабардор қилиш мақсадида, ижтимоий реклама материалларини тайёрлаш ва эфирга узатиш, шунингдек, ташқи реклама ва ахборот обектларига жойлаштириш каби долзарб масалалар юзасидан ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Chat