Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Фарғона шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабида болалар учун йўл-ҳаракати қоидалари ўқув майдончаси фойдаланишга топширилди

  • 06.09.2023
  • 767 марта ўқилди

“Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан “Болалар йўл ҳаракати иштирокчиси” номли давлат ижтимоий буюртмаси доирасида Фарғона шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабида болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган ўқув майдончаси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ушбу ўқув майдончасини очилишига бағишланган тадбир ўтказилди унда Адлия вазирлиги, вилоят адлия бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Муассаса ижрочи директори ўринбосари И.Абдирахимов очиб, ушбу лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва амалга оширишдан кўзланган асосий мақсади хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Шундан сўнг ушбу умумтаълим мактаби ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти сўзга чиқишиб, лойиҳа мутасаддилари ва ташкилотчиларига ҳамда қурувчи-мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдиришиб, амалга оширилган лойиҳа келгусида мактаб ўқувчиларининг йўл-ҳаракати қоидаларига доир кўникмаларини шакллантиришга, шунингдек, бундай турдаги ҳодисаларнинг олдини олишга кўмаклашиши ва болалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.

Тадбир давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўқувчилар ўртасида йўл-ҳаракати қоидалари бўйича викторина ўйинлари ўтказилиб, бунда фаол иштирок этган ўқувчилар муносиб тақдирланди.

Бундан ташқари, ушбу мактабда таълим олаётган 200 нафар ўқувчиларга эсдалик совғалари ва Муассасанинг махсус сертификатлари топширилди.
 

Chat