Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар сони 700 тага оширилади

  • 20.09.2023
  • 713 марта ўқилди

“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Электрон ҳукумат тадқиқоти” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-308, 14.09.2023 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, 2024 йил 1 июндан янги рақамли хизматлар ва сервислар, қоида тариқасида, биринчи навбатда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловасида жорий этилади.

2024 йил якунигача:

  • Ягона порталда кўрсатилаётган хизматлар сони 700 тага, уларнинг автоматлашганлик даражаси 65 фоизга етказилади;
  • Ягона порталда жорий этилган рақамли хизматлар ва сервисларнинг камида 75 фоизи мобиль илова орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, қуйидаги махсус порталлар ишга туширилади: 

  • 2024 йил 1 январдан рақамли ҳукумат тизими ҳамда унинг аҳоли ва тадбиркорларга тақдим этадиган имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берувчи; 
  • 2024 йил 1 июндан республика ҳудудидаги яшил ҳудуд, боғ ва жамоат парклари ҳақида ахборот берувчи;
  • 2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати ҳақида ахборот берувчи.

Шунингдек, шошилинч тезкор хизматлар бўйича аҳолининг чақирувларини қабул қилиш ва уларни тезкор равишда қайта ишлаш бўйича “112” ягона марказлашган диспетчерлик хизмати фаолиятини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2023 йил 1 ноябрдан “охирги миля” тамойили асосида тадбиркорлар билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури амалга оширилади.

2024 йил якунигача магистраль телекоммуникация тармоғи ва аҳоли яшаш масканларида қўшимча 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилади.

Chat