Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат-хусусий шериклик асосида боғча ташкил қилиш учун ажратилган кредитларнинг имтиёзли муддати узайтирилди

  • 29.09.2023
  • 761 марта ўқилди

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–316-сон, 27.09.2023 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, тадбиркорларга, уларнинг хоҳишига кўра, 2018–2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тузилган битимларга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддатини 2024 йил 1 октябргача узайтиришга рухсат этилди. 

Бунда:

  • имтиёзли давр давомида тадбиркорлар томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади;
  • имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидаги табақалаштирилган фоиз ставкаларида ва шартларда ажратилади:

  • Тошкент шаҳрида – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
  • Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
  • туманларда – 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича.
Chat