Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат даромадига олинган мол-мулклар “E-auksion shop” орқали сотилади

  • 06.10.2023
  • 403 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (526-сон, 04.10.2023 й.) билан “Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида “E-auksion shop” электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди

Низом билан давлат даромадига олинган мол-мулкларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, автомототранспорт, кўчмас мулк ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мулкий ҳуқуқлар бундан мустасно) соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида “E-auksion shop” электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби белгиланди.

Савдода иштирок этиш учун буюртмачи (Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан танлаб олинган савдо ташкилотлари ҳамда “Божхона-сервис” давлат муассасаси ёки унинг ҳудудий бўлимлари) ва иштирокчи савдо платформасида рўйхатдан ўтади.

Савдода иштирок этиш учун закалат пули мол-мулк бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади ва тегишли миқдордаги маблағ операторнинг (электрон дўконда электрон онлайн-савдони ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли бўлган “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ) банк ҳисобварағига ўтказилади.

Буюртмачи оператор билан электрон дўконда савдолар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан савдо платформаси орқали шартнома тузади.

Савдо хабарнома электрон дўконда эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошланади ва беш иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар ўтказилади.

Иштирокчиларнинг савдода иштирок этиш бўйича аризалари электрон дўконда хабарнома жойлаштирилган кундан савдо якунлангунга қадар автоматик тарзда қабул қилинади.

Савдо қадами: 

  • биринчи тўртта қадамда - савдо объекти бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида;
  • бешинчи ва ундан кейинги қадамларда - савдо объекти бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.

Бошланғич нархи хабарнома жойлаштириш пайтида БҲМнинг икки минг бараваридан юқори бўлган савдо объекти реализация қилинган тақдирда, савдонинг барча қадами, савдо объекти бошланғич нархининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.

Дастлабки савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан 30 календарь кун давомида савдо объекти сотилмаса, автоматик тарзда савдо объекти буюртмачига қайтарилади.

Савдо объекти дастлабки савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан 2 ой мобайнида сотилмаган тақдирда, буюртмачи Бюро билан келишилган ҳолда савдо объектининг бошланғич нархини босқичма-босқич, лекин бошланғич нархининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдоргача пасайтирган ҳолда такрорий савдоларни ташкил этиши мумкин.

Chat