Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Спорт соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш янада такомиллаштирилади

  • 07.11.2023
  • 436 марта ўқилди

Спорт соҳасида давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (583-сон, 03.11.2023 й.) қабул қилинди

Қарор билан давлат спорт таълим муассасаларига ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тақдиқланди:

Регламентга кўра, давлат спорт таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ариза берувчилар ҳар йили қуйидаги муддатларда Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилади:

  • Олимпиа ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари учун 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам);
  • Спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари, Олимпиа ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун 1 августдан 21 августгача (шу куни ҳам).

Сўровнома тўлдирилиб, 3 иш кунида кўриб чиқилади.

Ариза берувчининг яшаш манзили бўйича спорт таълим муассасасида танлаган спорт тури бўлмаган тақдирда, яқин ҳудудда жойлашган бошқа спорт таълим муассасаси бириктирилади.

Ариза берувчи мурожаати бўйича юборилган спорт таълим муассасасига онлайн навбат бўйича боради ва тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Шунга кўра, қабул комиссияси 1 иш кунида ҳужжатларни имтиҳон топшириш учун қабул қилиш ёки сабабини аниқ кўрсатган ҳолда уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мурожаат рад этилганда ариза берувчи 5 иш кунида аввалги ариза рақамини кўрсатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта мурожаат қилиши мумкин.

Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.

Мазкур давлат хизмати 2023 йил 1 декабрдан бошлаб кўрсатилиши белгиланган. 

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан ҳар йили 1 январгача давлат хизмати кўрсатиладиган ҳудудлар рўйхати, қабул муддатлари тасдиқланиб, ўз расмий сайтида эълон қилинади. 

Ушбу тартиб бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги спорт таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди. 

Chat