Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Буюк Британиянинг “Citizens Advice” миллий ассоциацияси ва “Мадад” ННТ ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди

  • 21.11.2023
  • 905 марта ўқилди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 13-17 ноябрь кунлари Адлия вазирлиги, “Мадад” ННТ ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган  “Citizens Advice” миллий ассоциацияси тажрибасини яқиндан ўрганди.

Шунингдек, ишчи гуруҳи “Citizens Advice” миллий ассоциациясининг Лондон шаҳридаги бош офиси ва ҳудудий бюроларига ташриф буюриб, уларнинг иш фаолияти, фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиб-тамойиллари, аҳолидан келиб тушаётган сўровларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш мақсадида шакллантирилган маълумотлар базаси (base date) билан бевосита танишди.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳам аҳолига тезкор ва қулай бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида Буюк Британия тажрибаси асосида “Мадад” ННТ ва унинг 73 та туман (шаҳар)ларда ҳудудий бюролари фаолият юритмоқда. Аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш борасида хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш ушбу нодавлат ташкилотининг асосий вазифаси ҳисобланади. 

Шунга кўра, ушбу ташриф якунида “Citizens Advice” миллий ассоциацияси билан “Мадад” ННТ ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Chat