Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловини ташкил этиш тартиби белгиланди

  • 22.11.2023
  • 898 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (608-сон, 20.11.2023 й.) билан “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди 

Низомга кўра, танлов 10 та йўналишда маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозимида камида битта маҳаллада 6 ой давомида фаолият юритаётган, амалий иш тажрибасига эга маҳалладаги ёшлар етакчилари ўртасида ўтказилади.

Танловнинг, жумладан, “Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёшлар билан тизимли ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси” йўналишида ички ишлар органлари томонидан ёшлар жиноятчилигини ўтган даврдагига нисбатан жорий йилда камайган деб топилган маҳалла етакчилари қатнашади.

Шунга кўра, ҳар йили 5 сентябргача Ёшлар ишлари агентлиги расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади.

Рўйхатдан ўтиш ҳар йили 5–30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.  

Танловнинг:

  • туман (шаҳар) босқичи – октябрь ойида;
  • ҳудудий саралаш босқичи – ноябрь ойида;
  • республика финал босқичи – декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилади. 

Республика босқичи ғолиблари қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

  • юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;
  • ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш.

Шунингдек, ғолиблар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади.

Chat