Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди

  • 29.11.2023
  • 928 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (622-сон, 27.11.2023 й.) билан Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди 

Оилавий меҳмон уйи – меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 метр квадрат ҳисобидан тўғри келадиган турар жой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой объекти.

Низомга кўра, меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти уларни Туризм қўмитаси томонидан юритиладиган Реестрга киритиш ва Реестрдан кўчирма бериш орқали ташкил этилади.

Меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда тегишли шароитлар яратилган бўлиши шарт (қуйидаги рўйхатда келтирилган). 

Қарор билан шунингдек, меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларни Реестрга киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. 

Бунда меҳмон уйи, хостел, ўтовли ва чодирли оромгоҳ фаолиятини ташкил этиш истагини билдирган шахс (ариза берувчи) давлат хизматидан фойдаланиш учун: 

  • Давлат хизматлари марказига шахсан ўзи келиб мурожаат этади;
  • ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади.

Сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли ҳужжатлар илова қилинади. 

Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари (ваколатли орган) ҳужжатларни олган кундан бошлаб 3 иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда ўрганиб чиқиш натижаси юзасидан далолатнома расмийлаштирилади.

Давлат хизмати бепул кўрсатилади.

Chat