Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Техникумларда кредит-модуль тизими йўлга қўйилади

  • 12.12.2023
  • 1165 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (648-сон, 07.12.2023 й.) билан Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Низомга кўра, техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёни кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа моделига (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) мувофиқ ташкил қилинади.

Кредит-модуль тизими жорий этиладиган таълим дастурлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўқув йили давомийлиги таълим дастури асосида белгиланади. Академик давр давомида ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларни ўз ичига олади.

Ўқувчи бир ўқув йилида камида 60 кредит тўплаши зарур. Техникумларда ўқув юкламасининг ҳажми ўқув режаси асосида белгиланади.

Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25-30 академик соат ҳисобидаги ўқув юкламасига тенг қилиб олинади. 

Бунда ўқувчи муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун белгилаб олинган миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур.

Ўқув юкламаси аудитория соати ва мустақил таълим соатига бўлинади. Таълим дастури ўқув йили учун ўқувчи томонидан, қоида тариқасида, бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши инобатга олиниб ишлаб чиқилади.

Академик қарздор ўқувчиларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш техникумда таътил вақтида пулли асосда ташкил этилади.

Chat