Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Пахта етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади

  • 14.12.2023
  • 1424 марта ўқилди

Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-205, 12.12.2023 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Товар-хомашё биржасининг "пахта хомашёси секцияси"да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади. 

Шунингдек, 2024 йил ҳосилидан пахта етиштириш, пахта йиғим-терими ва харидини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

фьючерс шартномаси тузган етиштирувчи ва уруғчилик субъектларига ҳар йили 1 октябрдан, пахта етиштириш учун –пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда 14 ойга, шу жумладан 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади; 

кластерларга: 

  • пахта хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун пахта қийматининг 80 фоизигача йиллик 10 фоизда 10 ойга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 4 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан; 
  • ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида пахта етиштириш учун – пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда 24 ойга, шу жумладан 18 ойлик имтиёзли давр ва охирги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан; 
  • ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида етиштириладиган пахтанинг йиғим-терими учун пахта қийматининг 20 фоизигача йиллик 10 фоизда 12 ойга, шу жумладан 3 ойлик имтиёзли давр ва охирги 9 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан кредит ажратилади; 
  • фьючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта учун тўловларнинг 80 фоизи пахта қабул қилиб олинган кундан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрь кунигача амалга оширилади.

2024 йил 1 майгача 2024 йил пахта ҳосилидан электрон тарози орқали қабул қилинган пахта ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий қилинади.

2024 йил 1 январдан:

  • кластерларда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш;
  • кластерларга нуфузли халқаро аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда улар фаолияти самарадорлиги ва молиявий кўрсаткичларини мустақил ташқи аудитдан ўтказиш чоралари кўрилади.
Chat