Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ерга оид ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурорнинг иштирок этиши шарт этиб белгиланди

  • 27.12.2023
  • 1026 марта ўқилди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–889, 25.12.2023 й.) билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Қонун билан вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилди. 

Ишлар тафтиш тартибида Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Олий суд Раёсатида кўрилади.

Юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинди. 

Шунингдек, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлиги белгиланди.

Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори турувчи суд томонидан тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлади.

Келишув битими апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, ажрим чиқарилиб, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари ушбу ажрим билан бекор қилинади ва иш юритиш тугатилади. 

Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида берилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ҳарбий суд номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 1 йил ичида берилади.

Chat