Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Одиллик билан иш тутмоқ - адолатдандир

  • 10.01.2024
  • 1016 марта ўқилди

Адлия фахрийларининг ёшларга мурожаати билан танишиб чиқиб, узоқ йиллар давомида адлия ва суд тизимида фаолият юритиб келган ҳуқуқшунос мутахассис сифатида тегишли муносабат билдиришликни лозим топдим. Дарҳақиқат, устоз-фахрийлар айни ҳақиқатни айтишган кўринади. Чунки ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, уни ҳурмат қилиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Бунга риоя қилмаслик, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини, асло унутмаслигимиз зарур.

Мурожаатнинг туб моҳияти ва мақсади ҳам катта ҳаёт йўлининг бошида турган, тизимда самарали фаолият юритиб келаётган кўп сонли ёшларга қаратилган бўлиб, уларнинг эътибори, бу каби ҳолатлардан тегишли хулоса чиқариб, бундай уриниш ва чиқишларга, шунингдек қонунга хилоф чақириқларга принципиал ёндашиб, муносабат билдиришлик орқали эл-юртга садоқат билан хизмат қилишга даъват этилганлиги билан муҳим тарбиявий аҳамиятга моликдир.

Ҳуқуқшунослик ўта маъсулиятли касб, у амалдаги тамойилларга қатъий таянган ҳолда иш тутишни тақоза этади. Асоссиз гумон, фараз ва миш-мишларга таяниб фикр билдириш ҳуқуқшуносга хос бўлмаган хислат бўлиб, бу унга эътироф эмас, аксинча хатти-ҳаракатига нисбатан шубҳа уйғотади.

“Айтмасдан аввал кўп ва хўб ўйла дейишган, агар айтдингми, албатта оқибатга жавоб беришинг шарт” деб, уқтиришган бизга  устозлар. Ўйлайманки, ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда бундай пурмона ўгитларга қатъий амал қилсак, ҳеч шубҳасиз, ортиқча гап-сўзларга ўрин қолмайди. Чунки бирор кишининг номига ғайриқонуний тарзда далил-исботсиз, ёлғон ва бўҳтондан иборат маълумотларни тарқатиш, нафақат унга, қолаверса атрофдагиларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Натижада жиддий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Кимнидир жиноят содир этган десанг-у, у кейин исботланмаса, қонун талаби бўйича узр сўраш керак. Агар шунга ҳам журъат қила олмаса, унда уни касбга хиёнат қилганликда айблашлари табиий. Шу сабабли ҳам устоз-ҳуқуқшуносларнинг чиқишларини қўллаб-қувватлайман.

Жамиятимизда адлия тизими, ўзининг юз йиллик тарихига ва катта салоҳиятга эга бўлган, фаолияти давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади. Адлия идоралари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиб келмоқда. Бу соҳада чуқур мулоҳаза юритиб, ақл-идрок билан иш тутиб, юксак тафаккур ила қўйилган вазифаларни одилона ҳал қилишга қодир бўлган ходимлар ишлаши мумкин. Шунингдек, уларнинг қалбида ҳалоллик, диёнат ва хизматга садоқат каби қадриятлар ҳамиша мужассам бўлмоғи лозим. Хис-ҳаёжонга берилиш, эҳтиросни жиловлай олмаслик ва шошма-шошарлик билан ҳаракат қилиш уларга ёд ҳолатлардир.

Одиллик - бу адолат дегани, адолат эса ҳақиқатдан ташқари, бошқа ҳар қандай кўринишдаги хийла-найрангларни инкор этади.

Хулоса қилиб айтганда, соҳага энди кириб келаётган ёшлар, бу ишлардан тўғри сабоқ чиқариб, асосий эътибори, куч ва имкониятларини аниқ мақсад сари йўналтириб, садоқат билан хизмат қилишларини истар эдим. 

Бунда уларга куч-ғайрат ва омад тилаган ҳолда ҳамиша ҳалол ва холис бўлишларини, соҳа ва ҳамкасблари мавқеига путур етказмасдан, ҳар қандай ҳолатда ҳам хиёнат йўлини танлашдан тийилишларини истаб, улардан келгусида самарали натижалар кутиб қоламиз. 

Қ.Тоғаев,
адлия ва суд фахрийси,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

Chat