Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизда ўсиб келаётган янги авлод вакилларига ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мустақил фикрлайдиган, зукко ва кенг дунёқарашга эга бўлган ўғил-қизларни тарбиялаш борасидаги ишларга давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши сифатида алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ёшлари ўз куч ва имкониятларини улкан ютуқ ва марраларга эришиш йўлида сафарбар этиб, Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида юксак азму шижоатини яққол намоён этмоқда.
Ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ёшларни чуқур билим олишга, илм-фан сирларини эгаллашга ундаб келаётгани, улар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизга муносиб бўлган баркамол авлодни вояга етказишда фарзандларимизга алоҳида ўрнак ва намуна бўлаётгани, «Заковат» интеллектуал клубининг қизғин ва муросасиз баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани ҳамда профессионал билимдонлар сафини кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётгани учун қуйидагилар мукофотлансин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан
Абдуллаев Абдурасул Муминович - «Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти директори