Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

  • 31.01.2024
  • 615 марта ўқилди

1. Айрим маҳсулотлар ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиш тартиби қўйилади:

Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда айрим маҳсулотлардан уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинади

Бунда, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерларнинг сервис хизмати мавжуд бўлиши керак.

2. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлганларга кафолатланган ижтимоий хизматлар ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади

"Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилиши белгиланган бўлиб, ушбу реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

  3. Ичимлик суви лойиҳалари доирасида ускуна ва жиҳозлар фақат маҳалий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади

Қонунчиликка кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги лойиҳалар доирасида қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинади

4. Касаначиликда янги иш бошлаётган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади

Касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади

Бунда, таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи хотин-қиз учун сарфланган ўқитиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ БҲМ нинг 5 баробаридан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

5. Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилади 

Қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади.

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • “ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
  • “ВВВ”, “ВВ” ва “В” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
  • “ССС”, “СС” ва “С” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • “D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Chat