Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилмоқда

  • 06.02.2024
  • 1040 марта ўқилди

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–28-сон, 02.02.2024 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди.

Масалан, давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш жойларини, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойларни белгилаш, йўловчи ва юк ташиш тарифлари, жумладан фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар, табиий объектларга, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига ном бериш ва бошқалар.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат органларининг ҳисобот (ахборот)ларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилди. 

Масалан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг 7 турдаги (дастурлар ижроси; кичик бизнес, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги; кредитлар ажратиш; ҳоким ёрдамчилари ахборотларини эшитиш якунларига оид) ҳисоботларини эшитиш – ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш доирасида кўриб чиқилади.

Фармонга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.

Фармон билан 2024 йил 1 октябргача Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. 

Chat