Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

  • 08.02.2024
  • 978 марта ўқилди

Жорий йилнинг 7 февраль куни Адлия вазирлигида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси иштирокида лойиҳа кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш лойиҳанинг 2023 йилдаги асосий натижалари тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш, лойиҳа томонидан ташкиллаштирилган кичик грантлар дастури натижаларини тасдиқлаш ва 2024 йил учун иш режани муҳокама қилиш ва тасдиқлаш мақсадида ўтказилди.

Тадбирни адлия вазири ўринбосари, лойиҳанинг миллий координатори Музраф Икрамов очиб бериб, 2023 йил давомида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида кўплаб ишлар амалга оширилганлиги ва ушбу ишлар бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг самарали йўлга қўйилишида, ушбу соҳада фаолият олиб борадиган ННТлар фаолиятига кўмаклашиш орқали аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда БМТ ТД Ўзбекистондаги доимий вакилининг ўринбосари Анас Карман, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Финляндиянинг Марказий Осиёдаги элчиси (Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон) Илькка Райзанен кириш сўзлари билан иштирок этиб, БМТ ТД ва Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашда ижобий натижа бераётганлиги, келгусида ушбу ҳамкорликни давом эттиришдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Лойиҳанинг Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йилда амалга оширган натижаларига кўра:

  • бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун кичик грантлар дастури ўтказилди;
  • бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи ННТ ва юридик клиникаларнинг 2023 йилдаги фаолиятини баҳолаш бўйича танлов ташкил этилди;
  • “Ўзбекистонда бепул юридик ёрдам тизимини янада ривожлантириш концепцияси” ишлаб чиқилди;
  • бепул юридик ёрдам соҳасида талабалар, адвокатлар ва ННТ ходимларига семинар, тренинг ва давра суҳбатлари ўтказилди.
  • соҳани ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди, ўрганиш натижаси юзасидан қонунчилик ҳужжатларига таклифлар ишлаб чиқилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди;
  • бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатадиган ННТларга нафақат амалий чора-тадбирларда балки моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилиб, бир нечта ННТлар зарур ахборот-коммуникация технология жиҳозлари билан таъминланди.

Тадбир давомида лойиҳани 2024 йилда амалга оширилиши кутилаётган режалари муҳокама қилиниб, 2024 йилда чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бепул юридик ёрдам билан таъминланиш даражасини янада ошириш орқали Ўзбекистонда Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш даражасини ошириш мақсад қилинди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Chat