ID-картага эга ҳайдовчилардан ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилмайди
- “Ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (645-сон, 15.10.2021 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022 йил 1 мартдан:
Қуйидаги хизматлар ЯИДХП орқали электрон шаклда кўрсатилади:
- Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
- чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
- судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
- автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
- жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.
Ҳайдовчининг йўл-патрул хизмати инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаган тақдирда улар махсус планшет қурилмаси ёрдамида идентификация ID-картаси орқали текширилади.
Бунда, идентификация ID-картага эга фуқароларга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчисидан қуйидагиларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади:
- янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;
- транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, транспортга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси.
2022 йил 1 февралгача суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ягона ахборот тизимига тўлиқ киритилади.
Қарор билан шунингдек, Ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.