Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 майдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

  • 30.04.2024
  • 519 марта ўқилди

Ўзбекистонда 1 майдан “табақалаштирилган тарифлар” бўйича электр энергияси ва газ нархи ўзгаради

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024–2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда шу йилнинг 1 май санасидан эътиборан, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди. 

Демак, 1 майдан бошлаб электр энергияси нархи истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳларига кирувчи қисмига ўзгаришсиз — 1 кВт/соат учун 1000 сўм ҳамда 900 сўмдан қолмоқда.

Фавқулодда вазиятларда кўнгиллилар гуруҳлари тузилмоқда

“Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. 

Унга кўра, 2024 йил 1 майдан зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда жойлардаги ҳокимликларга киритиш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда кўнгиллилар гуруҳлари тузилиб, уларни кучли зилзила пайтида аҳолини қутқариш ишларига жалб этиш кўзда тутилган.

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилади

2024 йил 1 майдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилади.

Ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳудудий бошқармалари электрон ҳужжат айланишига ўтади

“Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, 1 майдан ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳудудий бўлинмалари ва улар тасарруфидаги ташкилотлар “эдо.ижро.уз” тизимига тўлиқ ўтказилади. 

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани тажрибаси амалга оширилади

Мирзо Улуғбек туманидаги тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжманд аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига аутсорсинг асосида жалб этилади.

Ўзбекистонда айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади:

  • Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланади;
  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқи фақат “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади.

Хулоса бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилади

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга 10 дан ортиқ хулосалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг тартиби белгиланган.

Фермерларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариш бўйича эксперимент якунланади

2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 майга қадар тажриба тариқасида республика бюджетидан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бир вақтнинг ўзида қайтариб бериш тартиби жорий этилган эди.

Аукцион савдоси орқали санитария-гигиена пунктларини ўрнатиш ҳуқуқини қўлга киритиш мумкин бўлади

Тадбиркорлик субъектларига алоҳида жамоат жойлари, аҳоли пунктлари ва ижтимоий объектларда санитария-гигиена пунктларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

Chat