Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тадбиркорларга субсидия, имтиёз ва преференцияларни тақдим этиш тартиблари такомиллаштирилади

  • 27.05.2024
  • 358 марта ўқилди

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-193-сон, 24.05.2024 й.) қабул қилинди 

Қарорга кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (қўллаб-қувватлаш чоралари) уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда жорий этилади:

1. қўллаб-қувватлаш чоралари “В” ва ундан юқори рейтинг даражасига эга тадбиркорларга амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

  • “ААА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 100 фоизи;
  • “АА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 90 фоизи;
  • “А” тоифа – амалдаги миқдорнинг 80 фоизи;
  • “ВВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 70 фоизи;
  • “ВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 60 фоизи;
  • “В” тоифа – амалдаги миқдорнинг 50 фоизи;

2. қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, Президент Фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан қатъи назар амалдаги миқдорларда тақдим этилади;

3. тадбиркорларнинг рейтинг даражаси:

  • пасайган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади;
  • юқорилаган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.

2025 йил 1 январдан “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.

Chat