Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

  • 28.06.2024
  • 255 марта ўқилди

1. Фуқароларга процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади

Қонунчиликка кўра, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

  • Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
  • ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

2. Айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача олиб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади

Қонунчиликка кўра, 2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

3. Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларини давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имконияти яратилади.

 

 Қонунчиликка кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

  • электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади;
  • интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади. 

4. Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади

Қонунчиликка мувофиқ, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида:

  • Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
  • аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади; 
  • нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади. 

5. Айрим касалликка чалинганлар бепул даволанишади

Қонунчиликка кўра, онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.

6. "Шаффоф қурилиш" тизимида ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади

Қонунчиликка кўра, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.

 7. Айрим шаҳарларда сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади

Қонунчиликка кўра, тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.

Chat