Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари техникумларга бириктирилади

  • 21.10.2024
  • 575 марта ўқилди

Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-158-сон, 16.10.2024 й.) қабул қилинди  

Фармонга кўра,  касбий таълим ташкилотларининг амалдаги турлари мақбуллаштирилиб, касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади.

Техникумларда:

  • кадрлар тайёрлаш Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Ўзбекистон миллий малака тизими талабларига мос равишда ташкил этилади;
  • бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, шунингдек, малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади;
  • бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун – давлат гранти асосида амалга оширилади;
  • ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади;
  • ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчиларига ўзлаштирган модуллари, тўплаган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат этилади.

2025 йил 1 январдан негизида техникумлар ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.

2025 йил 1 сентябргача республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари белгиланган тартибда кадрлар буюртмачиси ва саноат ҳамкори сифатида техникумларга бириктирилади.

2025/2026 ўқув йилидан техникумларга қуйидагиларни амалга оширишга рухсат берилади:

  • фанларни бир-бирига интеграция қилишга ҳамда ажратилган соатлар доирасида мутахассислик ва умумкасбий фан (модул)ларнинг соатларини 30 фоизгача ўзгартиришга;
  • етакчи хорижий таълим ташкилотлари иштирокида тўлов-контракт асосидаги қўшма таълим дастурларини жорий қилишга;
  • кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
  • фуқаролар ва ишсизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишга;
  • касбий кўникмалар марказларидан амалиёт базалари сифатида бепул фойдаланишга.
Chat