Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари битта бинога жойлаштирилади

  • 24.11.2021
  • 564 марта ўқилди

Давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш  мақсадида 2022–2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармойиши қабул қилинди.

Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида қуйидагилар устувор йўналиш ҳисобланади:

  • давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш;
  • такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш;
  • раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш;
  • вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш;
  • бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш;
  • “Очиқ идора” лойиҳасини амалга ошириш;
  • давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш;
  • вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторига ўтказиш;
  • тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига “Ягона дарча” тизими асосида хизмат кўрсатиш;
  • кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш;
  • ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан “жамоавий таъсир”ни амалга ошириш;
  • вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш;
  • давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизматлар ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш;
  • тендер ва танловларни очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш;
  • халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш;
  • маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш;
  • ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш.
Chat