Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Омбудсман фуқароларнинг шикоятлари асосида ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди

  • 19.11.2024
  • 289 марта ўқилди

Қонунга кўра, Омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Қуйидагилар Омбудсманнинг таъсир чоралари ҳисобланади:

  • огоҳлантириш;
  • тақдимнома;
  • илтимоснома;
  • талабнома.

Омбудсман қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Омбудсман ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.
 

Chat