Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди

  • 16.12.2024
  • 90 марта ўқилди

"Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги" низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3583, 12.12.2024 й.)

Низом ички аудит хизмати ташкил этилган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ички аудит хизматлари раҳбари ва ходими фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш, уларни рағбатлантириш ва рейтингини юритиш тартибини белгилайди.

Низом талаблари давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари раҳбари ва ходими фаолиятининг самарадорлигини ходимларга юклатилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларга эришишдаги ҳамда вазифа ва функцияларни бажарилишидаги ҳиссасини баҳолашга нисбатан татбиқ этилади.

Ички аудит хизматлари ходими фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ички аудит хизмати раҳбари томонидан ҳар чоракда амалга оширилади ҳамда у баҳолаш билан боғлиқ маълумотларнинг тўғрилиги ва холислигига жавобгар ҳисобланади.

Ходим фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларининг олдини олишдаги натижалар;
  • масофавий назоратни амалга оширишдаги натижалар;
  • ички аудит йиллик режасида ходим масъул бўлган ички аудит тадбирларининг ўтказилиши;
  • ходим томонидан берилган таклиф ва тавсияларнинг ички аудит объектлари томонидан бажарилиши.

Ички аудит хизмати раҳбари ва ходимининг фаолияти самарадорлиги рейтинги ходим фаолиятининг самарадорлиги йиғма кўрсаткичларини камайиб бориш тартибида жойлаштириш асосида шакллантирилади.

Chat