Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади
Қонунчиликка кўра:
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- 2030 йил 1 январгача юридик шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг фойда солиғини ҳисоблашда 2 йил давомида тенг улушларда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади
Қонунчиликка кўра:
- интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади;
- лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.
Шунингдек, 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:
- лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади;
- жисмоний шахсларнинг лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
Тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади
Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади
Жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.
Аҳолининг ягона электрон реестри:
- Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси ҳисобланади;
- тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда ушбу реестрдан фойдаланилади;
- Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан юритилади.
“subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга бериладиган қўллаб-қувватлашларнинг реестри юритилади
Қонунчиликка мувофиқ, “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.
Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади
Қонунчиликка кўра:
- жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади;
- жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади;
- жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди;
- тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади;
- тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимлари оширилади
Қонунчиликка мувофиқ, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси (Виртуал академия) жорий этилади.
Бунда, аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилади
Қонунчиликка кўра, белгиланган фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.
Фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштироки таъминланади
Қонунчиликка кўра:
- вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фуқаролар қабули ва сайёр қабулларни ўтказишда мажбурий тарзда сурдотаржимон иштирокини таъминлайди;
- вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бир нафар ходими сурдотаржимонлик курсларида ўқитилади.
Умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади
Қонунчиликка кўра, 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Шунингдек, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:
ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз қисми:
- 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи;
- 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи;
туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи.
Айрим ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади
Қонунчиликка кўра:
- йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади;
- янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда, мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
Қонунчиликка кўра, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш доирасида камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан боғчалар раҳбар ва педагоглари рағбатлантирилади
Қонунчиликка мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, жумладан:
- мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий эҳтиёжлари ва малака тоифасидан келиб чиқиб табақалашган таълим дастурлари асосида узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими (вазирлик – малака ошириш муассасаси – таълим ташкилоти) йўлга қўйилади;
- мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун 5 йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинади.
Шунингдек, педагог ва мутахассис кадрлар касбий ривожланишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча умумий ўрта таълим муассасаларида малака оширишнинг “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида эса, шунингдек, “Касбий ривожланиш куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади.
Боғчаларда инклюзив таълим гуруҳлари очилади
“Ишга марҳамат” мономарказларида иш берувчилар талабига асосан тезкор курслар ташкил қилинади
“Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилиб, иш берувчилар талабига мослашувчан ўқитиш муддати ва вақтини назарда тутувчи тезкор курслар ташкил қилинади.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатилади