Ҳукумат қарори билан (8-сон, 11.01.2025 й.) Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 132-сон қарорига (https://lex.uz/docs/2948634) қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотлари ошхоналарини тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали танлов асосида ижарага бериш;
- “online-ijara.uz” ахборот тизими орқали таълим ташкилотлари ошхоналарининг ҳисобини юритиш ва уларни ижарага бериш;
- таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш ташкил этилишини мониторинг ва назорат қилиш;
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари номларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш.
Қуйидаги талабларга жавоб берадиган ижарага олувчилар танловда иштирок этишлари мумкин:
- тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун давлат рўйхатидан ўтган;
- умумий овқатланиш бўйича камида 6 ой давомида фаолият юритаётган;
- ошхона фаолияти йўналиши бўйича махсус жиҳозларга эга бўлган;
- шартнома ва суд ҳужжатлари бўйича зиммасида ижара ҳамда солиқ тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган.