Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТ томонидан қонунчиликка таклиф

  • 10.12.2021
  • 477 марта ўқилди

МАҲКУМЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШГА ОИД ТАКЛИФЛАР

Маълумки, қонуний кучга кирган суднинг ҳукмига асосан жазо чорасини ўтаётган шахслар маҳкумлар деб аталади ва улар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят – ижроия кодексида ва бошқа қонунларида белгиланган айрим истисно ҳамда чеклашларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган барча ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўлишлари лозим.

Бундай талаб БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1990 йил 14 декабрда қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг асосий принциплари”да ҳам назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳкумлар ҳуқуқларини кенгайтириш ва уларни ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилмоқда. 

Хусусан, вояга етмаган маҳкумларга ота-онаси ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувлар чекланмаган миқдорда берилиши, маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта, муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда сақланаётганларга эса, ишдан бўш вақтда муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилиши, маҳкума аёлларнинг вояга етмаган болалари билан учрашувлари белгиланган учрашувларга қўшиб ҳисобланмаслиги белгиланди.

Шунингдек, маҳкум ўз шахсий хавфсизлигини таъминлашни сўраб муассаса ёки органнинг ҳар қандай ходимига ариза (хабар) билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашуви йўқлов ва учрашувлар олиш сони икки бараварга кўпайтирилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди ва манзил-колонияларда жазони ўтаётган маҳкумларга пенсия тўлаш тартиби белгиланди. 

Шу билан бирга, бугунги кунда озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумлар қонунчиликда белгиланган айрим чекловларни инобатга олган ҳолда, Конституция ва бошқа қонунларга назарда тутилган ҳуқуқлардан, шу жумладан ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқлардан тўлалигича фойдаланиш имкониятига эга эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. 

Шунга кўра, маҳкумларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш борасида ўз ечимини кутиб турган қуйидаги муаммоларга тўхталиб ўтмоқчимиз. 

Биринчидан, ЖИКнинг 96-моддаси 1-қисмида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар амалга оширилмаслиги назарда тутилган. 

Ушбу чеклов оқибатида маҳкумлар, гарчи улар жазони ўташ жойларида меҳнатга жалб этилган бўлсаларда, келгусида зарур иш стажига эга бўлиш ва давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишмоқда. 

Маълумки, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумлар тегишли тартибда меҳнатга жалб қилинади ва уларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан, ЖИКда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солинади. Яъни, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидалар маҳкумлар учун ҳам амал қилади. 

Шу сабабли, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказишга бўлган чекловни бекор қилиш, шунингдек ушбу жазони ўташ давомида меҳнатга жалб қилинган маҳкумларнинг ишлаган вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблаш орқали давлат пенсия таъминоти кафолатини кучайтириш мақсадга мувофиқдир. 

Ушбу вазифанинг маҳкумларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказилишини белгилашга оид қисми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да ҳам назарда тутилган бўлиб, шубҳасиз, уларнинг амалга оширилиши маҳкумлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Иккинчидан, амалдаги ЖИКда ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, агар улар жазони ўташлари давомида пенсия тайинланадиган ёшга етган ва бу борада зарурий иш стажига эга бўлган ҳолларда, уларга нисбатан пенсия тайинлаш ва пенсия тўловларини амалга ошириш тартиби ўз аксини топмаган. 

Бундан ташқари, илгари пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда, тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилар эди.

Қайд этиш лозимки, 2019 йил 28 августда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсияни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиши мумкинлиги, бундай шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсия суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан амалга оширилиши белгиланди.

Бироқ, бундай ҳуқуқга бошқа турдаги жазони ижро этиш муассасаларида, яъни умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларда ҳамда турмаларда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган маҳкумлар эга эмас. 

Бу эса ўз навбатида, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилингунга қадар қонунчиликда белгиланган тартибда муайян меҳнат фаолиятини юритган ва давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказиб келган шахслар, кейинчалик улар жазони ижро этиш муассасаларига (манзил колониялар бундан мустасно) жойлаштирилган тақдирда, уларнинг давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқларини амалга ошира олмаслигига сабаб бўлмоқда. 

Шу сабабли, амалдаги қонунчиликка умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларда ҳамда турмаларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган фуқарога пенсия тўлашни тўхтатиб қўйишга оид нормани бекор қилишни ҳамда илгари муайян меҳнат фаолиятини юритган ва давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказиб келган шахслар кейинчалик озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи давомида пенсия тайинлаш учун зарурий ёш ва стажга эга бўлган тақдирда, уларга пенсия тайинланиши мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилиши таклиф этилади. 

Учинчидан, амалдаги ЖИКда маҳкума ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга нисбатан бир қатор қўшимча енгилликлар ва ҳуқуқлар, хусусан, бундай аёллар ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилиниши, уларга оширилган нормаларда овқат берилиши, тиббий хулоса асосида уларга қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари олишга рухсат этилиши мумкинлиги, манзил-колонияларда жазони ўтаётган ҳомиладор аёлларга ва эмизикли оналарга ишдан озод этилган даврида республика бюджети ҳисобидан овқат берилиши назарда тутилгани албатта қувонарлидир. 

Бироқ, амалдаги ЖИК озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ва меҳнатга жалб қилинган маҳкума аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш тартибини назарда тутмайди.

Бу эса, маҳкума аёлларнинг Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 233-моддасида назарда тутилган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа олиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. 

Шу сабабли, амалдаги қонунчиликка маҳкума аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш тартибини назарда тутувчи тегишли қўшимчалар киритилиши таклиф қилинади. 

Таҳлилларга кўра, Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон Республикаси жиноят – ижроия қонунчилигида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган ва меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар давлат пенсия таъминоти ҳуқуқидан фойдаланиши, шунингдек, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси қонунчилигида эса маҳкума аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш назарда тутилган. 

Келгусида ушбу муаммоларнинг бартараф этилиши, маҳкумлар ҳуқуқларини янада кенгайтиришга ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида назарда тутилган, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги конституциявий кафолатнинг амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Тулкин Турсунов

“Мадад” ‑ муассаса шаклидаги

нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори

Chat