Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги низом тасдиқланди

  • 20.12.2021
  • 592 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (757-сон, 16.12.2021 й.) билан тасдиқланган Низомга кўра, ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмалари тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини, уларнинг мол-мулкини қўриқлаш учун ташкил этилади.

Улар томонидан қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари томонидан:

  • объект ёки унинг бир қисмини қўзғалмас пост орқали қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш;
  • пиёда ёки транспорт воситасида, шунингдек, бошқа воситаларда муайян ҳудуддаги объектларни ёки уларнинг ҳудудларини йўналиш бўйлаб қўриқлаш;

қоровуллик бўлинмалари томонидан – қўзғалмас пост орқали объект ёки унинг бир қисмини қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш.

Ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмаларига ишга ихтиёрий тартибда, танлов асосида, белгиланган талабларга жавоб берадиган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган (қоровуллик бўлинмаларига номзодлар бундан мустасно) Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.

Фуқаролар камида умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлиши лозим.

Эркак номзодлар Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.

Мазкур бўлинмалар бошлиқлар таркибига Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилиб, нафақага бўшаган номзодлар суҳбат асосида, жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги ҳолатига кўра ишга қабул қилиниши мумкин. 

Низомга кўра, ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмалари шахсий таркиби билан махсус дастурлар асосида қуйидаги тартибда хизмат ва жанговар тайёргарлик машғулотлари ўтказилади:

  • ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларида – ойига 8 соат (ўқув йилида 80 соат); 
  • қоровуллик бўлинмаларида – ойига 4 соат (ўқув йилида 40 соат). 
Chat