Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича қандай янгиликлар бўлади?

  • 07.01.2022
  • 760 марта ўқилди

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси юзасидан фуқаролардан тушаётган саволларга жавоб берди.

— Фармон лойиҳасида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича қандай тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган?           

— Фармон лойиҳасида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:

–пенсиянинг ҳисоблаш базавий миқдорини 10 баробардан 12 баробаригача ошириш;

–ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш;

–пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш;

  • ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4 синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш;
  • нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш ва бошқалар режалаштирилган.

 — Лойиҳада маҳалланинг “фаол” модели яратилиши ва аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича ҳам бир қатор янги тартиблар жорий этилиши белгиланган. Бу қандай бўлади?

— Фармон лойиҳасида Маҳалланинг “фаол” моделини жорий этиш ҳамда 2022 йилда қуйидаги ишларни амалга ошириш белгиланган.

  • барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз йўналиши бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилиб, маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг бош мезони сифатида белгиланади.
  • маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилиб, ушбу мақсадда маҳалланинг алоҳида жамғармасини ташкил этиш амалиёти жорий этилади;
  • фуқаролар томонидан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилади;

Шунингдек, лойиҳада аҳолининг саломатлигини сақлаш мақсадида ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматини “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиш, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этиш белгиланди.

2022 йил 1 июлдан бошлаб “оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолиятни ўзини ўзи банд қилиш асосида амалга оширишга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа ҳозирда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.  Фармон лойиҳасининг муҳокамаси 2022 йил 14 январда якунланади.

Chat