Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳозирги вақтда Украина ҳудудида қанча Ўзбекистон фуқароси мавжуд?

  • 25.02.2022
  • 460 марта ўқилди

1. Айни пайтда Украина ҳудудида қанча Ўзбекистон фуқароси бўлиб тургани бўйича маълумотлар мавжудми?

Жавоб: Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Украина ҳудудида 4300 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Шу билан бирга, фуқароларимиз рўйхати янада аниқлаштирилмоқда.

2. Украинадаги фуқароларимизни эвакуация қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Жавоб: Ҳозирда Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилганини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жойи ишлаб чиқилмоқда.
Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.

3. Украинада рўй бераётган воқеаларда мамлакатимиз фуқаролари орасида жабр кўрганлар борми? 

Жавоб: Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

4. Украинада ҳаво майдони ёпиб қўйилган. Бу мамлакатдаги Ўзбекистон фуқаролари асосан қайси йўл орқали олиб келинади?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда, биринчи навбатда, қўшни давлатлар орқали жўнаб кетиш йўналишлари ва кейинги бориш манзиллари ўрганилмоқда.

5. Уруш ҳолати чуқурлашадиган бўлса, Украинадаги фуқароларимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш режалаштирилганми?

Жавоб: Шак-шубҳасиз, Украинада бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг маиший масалаларини ҳал этиш учун зарур чоралар кўрилади.

6. Даволанишга борган фуқароларимиз, яъни операция қилинган одамлар қандай йўл тутиши керак?

Жавоб: Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси маълумотига кўра, жарроҳлик муолажасидан ўтаётган ҳамюртларимиздан мурожаатлар келиб тушмаган, Трускавец шаҳрида санаторийларда даволанаётганлар бундан мустасно.

Украина тиббиёт муассасалари тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўз ишларини давом эттирмоқда.

7. Украина ва Россиянинг айрим ҳудудларига чегараланган авиақатновлар қачонгача давом этиши ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Украина расмийлари мамлакат узра ҳаво ҳудуди ёпилганини эълон қилди. Ҳозирча бу чекловларнинг қачонгача давом этиши номаълум.

8. Украина ҳудудида бўлиб турган ва ёрдамга муҳтож фуқаролар, Ўзбекистон консуллигининг қайси телефон рақамлари орқали боғланишлари мумкин?

Жавоб: Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси билан боғланиш учун: 

Телефон: +380 44 501 50 00, +380 44 501 41 81, +380 44 501 41 82, +380 44 501 41 83.
Факс: +380 44 501 50 01
E-mail: embassy@uzbekistan.org.ua
Манзил: 01901, Украина, Киев шаҳри, Владимирская кўчаси, 16-уй.

Chat