Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Асоссиз равишда қиммат: Тошкентдаги пулли парковкалар нархи қайта кўриб чиқилиши мумкин

  • 20.11.2025
  • 246 марта ўқилди

Халқ демократик партияси Тошкент шаҳрида пулли автотураргоҳлар тарифларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда партия матбуот хизмати.

Депутатларнинг таъкидлашича, ҳар қандай қарор, шу жумладан, пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш унинг ижтимоий оқибатлари ва фуқаролар ҳаётига таъсири нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилиниши керак. Бироқ, автотураргоҳ тўлови соатига 12 минг сўмдан бошланиши, шунингдек, йиғилаётган маблағлар тўғрисида очиқ маълумот йўқлиги аҳолида саволлар туғдирди.

Албатта, барчамиз замонавий, тартибли ва қулай транспорт тизими бўлишидан манфаатдормиз. Бироқ, бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, ҳаётий зарур эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим, — дейилади хабарда.

Расмийлар мисол тариқасида пойтахт маркази ва унга туташ ҳудудларда ишлайдиган аҳолини келтиришди, улар автомобилларини пуллик автотураргоҳларда тахминан 8 соат давомида қолдиришига тўғри келади. Шундай қилиб, кунлик иш ҳақи деярли 100 минг сўмга етади, бу охир-оқибат энг кам иш ҳақидан ошиб кетади.

Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда. Пулли тўхташ жойлари бизга ҳар томонлама яқин бўлган қўшни давлатларда ҳам ташкил этилган. Уларда тўхтаб туриш нархи бир неча баробар арзон. Демак, биздаги тариф миқдори иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларидан анча узоқлиги кўринмоқда, — дейилади хабарда.

Партия қуйидагиларни талаб қилмоқда:

  • оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур;

  • белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак;

  • ижтимоий объектлар, хусусан, давлат тиббий муассасалари, давлат хизматлари кўрсатиладиган марказлар ва «Инсон» марказлари, шунингдек кутубхоналар олдидаги пулли тўхташ жойларидан маълум вақт давомида бепул фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутиш лозим;

  • савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши қатъий таъминланиши керак ҳамда мазкур меъёрни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ;

  • қатор пулли тўхташ жойлари “қатнов қисмида тўхташ тақиқланади” белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани “пул тўланса – мумкин”, деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зиддир.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда бозорлар яқинидаги автотураргоҳлар нархи ошади. Янгиланишлар фақат енгил автомобилларга таъсир қилади, юк машиналари учун тарифлар ўзгаришсиз қолади.

Chat