Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш: Урбанизация бўйича Миллий қўмита ташкил этилди

  • 21.11.2025
  • 249 марта ўқилди
“Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–219-сон, 18.11.2025 й.) қабул қилинди. 

Фармонга кўра, қуйидагилар уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:

► “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;

► уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.

Фармонга кўра, қуриб битказилмаган уй-жойларни биринчи навбатда қурилишга жалб этиш, шунингдек, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиб уй-жой инфратузилмасини олдиндан барпо этишни назарда тутадиган комплекс қурилиш тамойили асосида уй-жойлар қурилишини ташкил этиш тартиби жорий этилади.

Комплекс қурилиш тамойили доирасида қуйидагилар таъминланади, жумладан:

► комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;

► лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланиш.


Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилади.

♦ Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органидир.

Қуйидагилар Миллий қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

♦ урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;

♦ самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

♦ реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;

♦ “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.


“Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–347-сон, 19.11.2025 й.) қабул қилинди. 

Қуйидагилар мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди, жумладан:

♦ урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш;

♦ Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш.

Қарорга кўра, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий келишилиши шарт:

▪️ уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;

▪️ Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;

▪️ “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;

▪️ комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.

Chat