Ўзбекистонда стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи — «олтин акция» бекор қилинмоқда. Қолаверса, энди унитар корхонада кузатув кенгаши ташкил этилиши ва у корхона бошқарув органи бўлиши мумкин. Кенгаш аъзоларининг ваколат муддати эса 3 йилгача узайтирилди.
- Президент 29 март куни корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги [ЎРҚ-760-сонли] қонунни имзолади.
- Ҳужжатга кўра, эндиликда мамлакат иқтисодиётида устувор аҳамиятга эга стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бўлмайди. Мазкур «олтин акция»га оид нормалар қонунчиликдан чиқариб ташланди.
- Бундан ташқари, Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, унитар корхонада кузатув кенгаши ташкил этилиши ва кенгаш корхонанинг бошқарув органи бўлиши мумкин.
- Шунингдек, акциядорлик жамияти кузатув кенгаши аъзоларининг ваколати 1 йилдан 3 йилга узайтирилди.
- Қолаверса, юридик шахсларнинг устав фондида камида 5 фоиз улушга эга бўлган иштирокчилар ва акциядорлар аудиторлик текширувининг буюртмачилари бўлиши мумкинлиги белгиланди. Илгари 10 фоиз эди.
Қонун расман эълон қилинган (30 март санасидан) кундан кучга кирди.