Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Мудофаа вазирлиги офицерлари устамаси, оддий аскар ва сержантлар маоши оширилади

  • 14.01.2026
  • 62 марта ўқилди
1 апрелдан Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра, контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлиги эса 10 фоизга кўтарилади. Вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларидаги хизматчилари маоши бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга ошади.

Мудофаа вазирлиги офицерлари устамаси, оддий аскар ва сержантларнинг маошини ошириш режалашатирилмоқда. Бу ҳақда президент, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 13 январь куни мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.

1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади.

«Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур», — деди президент.

Қолаверса, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади.

Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.

Chat