Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Бизнесга лицензиясиз кириш режими жорий этилади, болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш мумкин бўлади

  • 14.01.2026
  • 60 марта ўқилди

Қонунчилик палатасининг 13 январдаги навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, архив соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа билан жами 2 та кодекс ҳамда 12 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Маърузани адлия вазири ўринбосари Номон Муҳаммадиев ўқиди.

Манфаатлар тўқнашуви

Қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида 11 та қонун, жумладан, Меҳнат кодекси, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунларга қўшимча нормалар киритилмоқда.

Унга кўра, давлат органи ёки ташкилоти ходимининг тижорат ташкилотларида таъсисчи бўлишга ҳақли эмаслиги қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бу ўзгаришлар тизимдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қоидаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Архив иши

Киритилаётган ўзгаришларга кўра, янги таҳрирдаги нормалар билан «электрон архив» тушунчаси муомалага киритилиб, архив ҳужжатларининг электрон нусхаси асл нусха билан бир хил ҳуқуқий кучга эга эканлиги тан олинмоқда.

Шунингдек, Ўзархив агентлигининг Адлия вазирлиги тизимига ўтказилиши муносабати билан соҳадаги ваколатлар қайта тақсимланмоқда. Ҳозирда давлат архивларидаги 16 миллиондан ортиқ ҳужжатнинг 15 фоизи рақамлаштирилган бўлса, 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш ва архив хизматлари вақтини 30 дақиқадан 5 дақиқагача қисқартириш режалаштирилган.

«Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишида эса «бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими янги ҳуқуқий институт сифатида жорий этилмоқда. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим фаолият турлари (масалан, рентген ускуналаридан фойдаланиш ёки ветеринария лаборатория ишлари) бўйича тадбиркорлар 3 ойгача лицензиясиз, фақат электрон хабардор қилиш орқали иш бошлашлари мумкин бўлади.

Бу мослашиш даври тадбиркорларга ўз фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини синаб кўриш ва лицензия талабларига тайёрланиш учун қўшимча имконият яратиши таъкидланди.

Фамилия

Бундан ташқари, Оила кодексининг 69-моддасига киритилаётган қўшимча билан болага фамилия беришда отанинг исмини фамилия сифатида белгилаш имконияти яратилмоқда. Маърузачи амалдаги тартибда фақат ота-онанинг фамилияси ёки бобонинг исми бўйича фамилия бериш мумкинлиги фуқаролар ўртасида турлича талқинлар ва эътирозларга сабаб бўлаётганини қайд этди.

«Халқаро тажриба асосида киритилаётган ушбу янгилик миллий ва диний анъаналарга мувофиқ фуқароларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришга ҳамда ФҲДЁ органлари билан боғлиқ жараёнларда қулайлик яратишга хизмат қилади», — деди Номон Муҳаммадиев.

Маърузачининг нутқи якунида депутат Зафар Худойбердиев фамилияга «ов», «ова», «ев» ва «ева» қўшимчаларидан бошқа қўшимчалар қўшиш эътирозларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, бундай эътирозларни олдини олиш учун қўшимчаларни қонун билан мустаҳкамланишини айтди.

«Фамилия берилаётганда, уни қўшимчаси нуқтаи назаридан таклифим бор. Болага фамилия берилаётганда амалиётда шундай эътирозлар борки, айнан ўша фамилияни қўшимчаси нуқтаи назаридан. [Масалан,] Қирғизистондаги болалар учун „ўғли“, қиз болалар учун „қизи“ қўшимчасини қўшилиши ёки Тожикистонда она отанинг фамилияси ёки отанинг исмига „ов“, „ов“ ва „ев“, „ева“ қўшимчаларини қўшмасдан ёзилиши каби асослар келтириляпти», — дейди депутат.

Унинг қайд этишича, фамилия қўшимчаси ҳақидаги нормалар қўшни давлатларнинг қонунларида акс этган. Ўзбекистонда эса фамилиядаги қўшимчалар қонуности ҳужжатларида берилган, лекин у ҳам жуда ҳам аниқ берилмаган.

«Агар биз шу амалиёт нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, „ов“, „ова“ ёки „ев“, „ева“ қўшимчалари билан болага фамилия берадиган бўлсак, ҳеч қанақа эътироз билдирилмайди. Лекин „ий“ қўшимчаси, масалан, Зафарий деб берадиган бўлсак ёки Зафарзода деб берадиган бўлсак ёки Зафаршоҳ деб бермоқчи бўлсак, дарҳол эътирозлар бошланади. Бу нотўғри, бундай қўйиш мумкин эмас, дейди», — дея қайд этди Худойбердиев.

Депутат Оила кодексига киритилаётган қўшимчанинг мантиқий давоми сифатида иккинчи ўқишга фамилияга қўшиладиган қўшимча норма сифатида қонуности ҳужжатларда эмас, айнан қонунда акс этса, эътирозлар камайишини таъкидлади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Chat