Шавкат Мирзиёев 13 январь куни мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш учун Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди.
Президент ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш, муддатли ҳарбий хизматни нафақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, балки ёшларни меҳнат бозорига, мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этиш, уларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашига эришиш зарурлигини таъкидлади.
Армияда ёшлар хизматни тугатгандан сўнг камида битта касбни эгаллаши бўйича янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмларнинг асосий йўналишлари ва мутахассисликларидан келиб чиқиб, ҳарбий хизматчиларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастур якунида ҳарбий хизматчилар малака имтиҳонини топширади, шундан сўнг уларга касб ҳақида сертификат берилади.
Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларини бевосита ўз ҳарбий қисмида топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилинган ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг олий таълим муассасасида ўқишни бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирган ёшларга чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича сертификат олиш харажатлари қоплаб берилади. Шартнома асосида ўқишга кирганларга фоизсиз таълим кредити берилади.
Армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлашда алоҳида имтиёзлар кўзда тутилган. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларга кредит харажатларининг 6 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшларга Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий этилади. Хусусий секторда ишлашни режалаштирган ёшларга касб ўрганиш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.
Бир сўз билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак, — деди президент.
Олий бош қўмондон муҳандислик-техник иш, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши кураш соҳаларида мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади. Ҳарбий хизматчиларни маънавий жиҳатдан бойитиш, жумладан, китоб ўқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. 2026 йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар бадиий адабиётлар билан таъминланади.
Қуролли Кучлар тизимида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови ташкил этилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик ва Олий Бош Қўмондон даражасидаги танловларда ғолиб ва совриндор бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматни ўташ муддати бир ойга қисқартирилади.
Шунингдек, 2026 йилда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги спорт мусобақалари дастурлари кенгайтирилади, ҳарбий хизматчилар киберспорт, дронларни бошқариш, робототехнологияларда иштирок этишлари мумкин бўлади.
Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, — деди президент.