Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан хавфсизлик камаридан фойдаланиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланди.
"Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, фуқароларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар ва ҳолатлар рўйхатига мувофиқ ҳамда уларнинг мавжудлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда хавфсизлик камаридан фойдаланмасликка рухсат берилади.
Ушбу рўйхатга қуйидаги касалликлар ва ҳолатлар киритилган:
• ўмров ва тўш суягининг синиши;
• елка камарининг синиши;
• қовурғалар синиши;
• чап ўмров суяги синиши билан боғлиқ операциялар;
• чап ўмров сохта бўғимининг синиши;
• умуртқа поғонасининг компрессион синиши;
• ўпканинг сурункали обструктив касаллиги (IV босқич);
• бронхиал астма (IV босқич);
• ўпканинг интерститсиал зарарланиши (фиброз ва бошқалар);
• ўпканинг бир қисмини ёки ҳаммасини (чап ёки ўнг) олиб ташлаш - лобектомия, пневмонектомия;
• III босқич ва декомпенсация босқичидаги сурункали юрак етишмовчилиги;
• оғир юрак-қон томир касалликлари (ўтказилган инфарктлар, ишемия ва бошқалар);
• семизликнинг III даражаси (BMI ≥ 40);
• паст бўйлик (нанизм) - 150 см дан паст;
• қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар;
• кўкрак қафасидаги аллергик ёки дерматологик касалликларнинг оғир шакллари (экзема, псориаз);
• ўмров, тўш, елка, курак ва қовурға соҳаларида ички ва ташқи имплантларнинг мавжудлиги;
• кўкрак қафаси ёки қорин бўшлиғида ўтказилган очиқ операциялар;
• стома мавжудлиги (сунъий чиқиш);
• кўкрак қафасининг йирик ўсмалари.
Тиббий маълумотнома 1 йил муддатга берилади. Ўпкасининг бир қисми ёки ҳаммаси олиб ташланган, шунингдек, бўйи паст бўлган фуқароларга тиббий маълумотнома муддатсиз берилади.
Ўмров суяги, тўш суяги, елка камари, қовурғалар, чап ўмров суягининг сохта бўғими синганда, умуртқа поғонаси компрессион синганда ёки чап ўмров суяги синганлиги муносабати билан ўтказилган операцияда маълумотнома белгиланган муддатларга (2 ойга, 4 ойга, 6 ойга, 1 йилга) берилади.
Кўрсатилган касалликлар мавжудлиги тўғрисидаги QR-кодли электрон тиббий маълумотнома "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида илова кўринишида расмийлаштирилади ва бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилоти ёки у даволанган тиббиёт ташкилоти томонидан берилади.
Шунингдек, электрон тиббий маълумотнома бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилоти томонидан бемор даволанган нодавлат тиббиёт ташкилотининг тегишли хулосаси асосида берилиши мумкин.